<??>
 
Site menu

Categories
News [158]
Arts [15]
Sport [38]
Mavzu [15]
Din [10]
Tarix [25]
Bolajon [5]
Bu qiziq [13]
Adabiyot [17]
Maqolalar [24]
Muloxoza [19]
Astrology [1]
Ilm va Fan [17]
Choyxona [0]
G'aroyobot [2]
Shifomaniya [6]
Cinema News [21]
Show business [31]
Moda Olami [5]
Advertisement [5]
Interview [20]
Events [18]
Buy Magazine [3]

Rating

Uzbek TV

Adds

Donate

Weather
Все о погоде - Pogoda.uz

Uzbegim & Facebook

Poll
Uzbegim USA kerakmi?
Total of answers: 211

IP Address
IP

Main » 2011 » October » 17 » ЧАРЧАШ, БЕЗОВТАЛИК ВА РАНЖ-АЛАМ ҲИССИЁТЛАРИГА САБАБ БЎЛУВЧИ ДИЛГИРЛИКДАН ҚАНДАЙ ХОЛОС БЎЛИШ МУМКИН?                                                                                                                 Print Friendly and PDF
10:48 AM
ЧАРЧАШ, БЕЗОВТАЛИК ВА РАНЖ-АЛАМ ҲИССИЁТЛАРИГА САБАБ БЎЛУВЧИ ДИЛГИРЛИКДАН ҚАНДАЙ ХОЛОС БЎЛИШ МУМКИН?                                     
ЧАРЧАШ, БЕЗОВТАЛИК ВА РАНЖ-АЛАМ ҲИССИЁТЛАРИГА САБАБ БЎЛУВЧИ ДИЛГИРЛИКДАН ҚАНДАЙ ХОЛОС БЎЛИШ МУМКИН?
 
ДЕЙЛ КАРНЕГИ
Чарчоқнинг биринчи бош сабабларидан бири диққатпазликдир.
 
Бунинг ёрқин мисоли сифатида кўчамизда яшовчи Алисани кўрсатиш мумкин. Бир куни кечқурун Алиса уйига ишдан эзилиб қайтди. У азбаройи чарчаганидан оёқда зўрға турарди. Ҳақиқатдан ҳам ўша даражада ҳориган эди. Унинг боши оғрир эди. Яғрини қақшарди. Биргина хоҳиши — кечки овқатни кутмай ухлаш эди. Онаси ёлворди ҳамки... у дастурхонга ноилож ўтирди. Кутилмаганда телефон жиринглаб қолди. Унинг дўсти қўнғироқ қилган эди. Алисани рақсга таклиф этди! Қизнинг кўзлари чақнаб кетди. Бирдан кайфияти кўтарилди. У юқорига ўз хонасига югуриб кетди, хушбичим мовий кўйлагини кийди ва эрталаб соат учгача рақсга тушди. Уйга қайтганида, чарчоғи бутунлай ёзилган эди. Унинг вақти шунчалик чоғ эдики, ҳатто мизғиб ҳам олмади. Алиса ҳақиқатдан ҳам саккиз соат илгари эзилиб чарчаган ва ўзини шу аҳволга солган эдими? Шубҳасиз, Алиса ҳақиқатдан ҳам жуда эзилган, чунки иш уни зериктирган, балки ҳаёт уни роса ҳоритган эди. Алисага ўхшаганлар миллионлаб топилади. Балки сиз ҳам шуларнинг биридирсиз?
Барчага маълумки, жисмоний зўриқишдан кўра кўп ҳолларда бизни ҳиссий кайфият кўп даражада толиқтиради. Бир неча йил муқаддам Жозеф Э.Бармак «Психологик архивлар» номли журналда ўзининг айрим тажрибаларини, дилгирлик чарчашни келтириб чиқаришини кўрсатган маърузасини чоп этган эди. Доктор Берман бир гуруҳ талабаларга қатор тестларни бажаришни тавсия этди. Булар талабаларни асло қизиқтирмаслигини билар эди.
 
Натижа қандай бўлди? Талабалар чарчаш, мудрашни ҳис этиб, бош оғриғи ва кўзлари толиққанликдан шикоят қилиб, тез аччиқланадиган бўлдилар. Баъзи ҳолларда, ҳатто ошқозон ишдан чиққани кузатилди. Буларнинг бари «қуруқ хаёлми»? Йўқ. Бу талабалар билан метаболизм тадқиқоти ўтказилди. Натижалар кўрсатишича, диққатпазлик туфайли организмда қон босими ва кислород ютилиши ҳақиқатан ҳам жуда пасайиб кетар экан. Аммо одамнинг ишга қизиқиши ортганида ва ундан қониқиш пайдо қилганида, унда модда алмашинуви зудлик билан яхшиланар экан! Агар биз қандайдир қизиқарли ва диққатга сазовор нарсалар билан овунсак, жуда кам чарчаймиз. Масалан, мен яқинда Канададаги Луиз кўли ёқасида дам олдим. Бир неча кун Коррал-Крик дарёсида форел балиғи овладим. Менга бўйимдан сал паст буталардан оралаб ўтиш, йиқилган дарахт шохларига қоқи­либ, саккиз соатдан ортиқ юришга тўғри келса-да, мутлақо толиқмадим. Нега? Чунки кайфиятим яхши эди, кунни бинойидек ўтказдим, деб ҳис этдим. Ахир йирик-йирик олтита форел тутдим-да!
 
Майли, балиқ ови мен учун зерикарли машғулот, де­йлик, бу менинг жисмоний аҳволимда акс этади деб ўйлайсизми?
 
Мен етти минг фут баландликдаги оғир ишдан ўзимни ҳолдан тойган деб ҳисоблар эдимми?
Ҳатто, спортнинг оғир тури ҳисобланган альпинизм билан машғул бўлган кишига ҳам диққатпазлик юқори даражадаги чарчашни келтириб чиқаради, бошқа жисмоний зўриқишга нисбатан. Масалан, Миннеаполисдаги фермерлар ва механиклар омонат банки президенти жаноб С.Х.Кингмен менга бир воқеани гапириб берган эди. Бу менинг айтганларимга энг мос мисол бўла олади. 1943 йили Канада ҳукумати мамлакат альпинистлар клубига мурожаат қилиб, Уэльс шаҳзодаси номидаги диверсия-разведка полкига аскар альпинизми бўйича машқлар ўтказиш учун йўл бошловчилар сўраган эди. Жаноб Кинг­мен ана шу аскарлар билан машқ ўтказувчи йўл бошчилар таркибида эди. Менга ҳикоя қилишича, у ва бошқа йўл бошловчилар — қирқ икки ёшдан эллик тўққиз ёшгача бўлган эркаклар — ёш аскарлар учун музликлар ва қор қоплаган далалар орқали узундан-узоқ йўл бошлаб, қирқ фут баландликдаги қиррали чўққиларга арқонлар ёрдамида ва қўлларига ҳамда оёқларига ишончсиз таянчлар билан тирмашардилар.
 
Улар Майкл чўққисига, Вице-президент номидаги чўққига ҳамда Канададаги чўққили тоғларга кўтарилдилар. Ўн беш соатлаб тоғларга кўтарилиб юрган бу ёш йигитлар, дастлаб ихчам кўринса-да (улар олти ойлик диверсант-десант аскарларини тайёрлаш курсини эндигина ўтаган эдилар), аслида ҳаддан зиёд ҳолдан тойишганди.
Улар курс машғулотлари пайтидаги машқни ўтамасдан мушакларига зўр берганлари учун чарчаб қолишдими? Диверсант-десант армияси лагерида тайёргарликдан ўтган ҳар бир аскар бу бемаъни саволдан кулиб юбориши мумкин эди! Йўқ, аскарлар шунинг учун ҳам ҳолдан тойган эдиларки, уларни тоғ ўнгирларида беҳуда тентираш зериктириб юборганди. Шу даражада чарчашгандики, ҳатто кечки овқатни кутмасдан ухлаб қолишарди.
 
Йўл бошловчилар ўзларини қандай ҳис этдилар?
 
Ахир уларнинг ёши аскарлардан икки ва, ҳатто уч баробар катта эди. Чарчаб қолишдими? Ҳа, лекин ҳолдан тойиб қолганлари йўқ. Кечки овқатни иштаҳа билан тановул қилдилар, сўнг бир неча соат кундалик ишларни муҳокама этдилар. Чарчоқни хаёлларига келтирмасликларига сабаб шуки, бу иш улар учун ғоят қизиқарли эди.
Колумбия университетидан доктор Эдвард Торндайк чарчоқни ўрганиш юзасидан тажрибалар ўтказганида, ёш йигитларга бир ҳафта давомида ухлаш учун рухсат бермаган, уларга фавқулодда қизиқтирадиган иш топширган эди.
 
Узоқ тадқиқотлар ўтказганидан сўнг, хабар беришларига кўра, қуйидагича хулосага келган: «Зерикиш иш унумдорлигининг паса­йишига сабаб бўладиган ягона туб сабабдир». Агар сиз ақлий меҳнат билан шуғуллансангиз, бажарилган иш миқдоридан жуда кам чарчайсиз. Сиз бажарилмаган иш туфайли чарчашингиз мумкин. Масалан, балки эсларсиз, ҳафтанинг бир кунида сизни ишдан тўхтовсиз равишда қолдиришди. Хатларга жавоб қайтара олмадингиз. Белгиланган учрашувлар ўтказилмай қолди. У ерда ҳам, бу ерда ҳам кўнгилсизликлар рўй бераверди. Ўша куни ҳамма иш чаппасидан кетди. Сиз шу куни ҳеч иш қила олмай, ҳолдан тойиб, бошингиз оғриб уйга қайтдингиз.
Эртаси идорада ҳамма иш силлиқ кетди. Сиз илгарига нисбатан қирқ баробар иш бажардингиз. Уйга бардам тарзда ва худди арчилган тухумдай навқирон ҳолатда қайтдингиз.
 
Сизда шу ҳол рўй берганмиди?.. Менда ҳам.
Бундан қандай хулоса келиб чиқади?
 
Фақат битта: чарчаш иш туфайли эмас, кўпинча безовталик, руҳий тушкунлик ва ранж-алам ҳиссиётлари туфайли юзага келади.
Ушбу бўлим устида ишлаш жараёнида мен Жером Керн­нинг «Сузувчи театр» номли ажойиб мусиқали комедиясининг янгича талқинини кў­ришга бордим. Унда иштирок этувчи капитан Энди шундай дейди: «Бахтли одамлар ўзларига ҳузур бағишлайдиган иш билан шуғулланадилар». Шунинг учун ҳам бахтлики, уларда куч-қувват кўп, қувонч етарли, безовталик кам, чарчаш камдир. Қизиқишингиз қайси томонга йўналтирилган бўлса, куч-қувватингиз ҳам ўша томонга йўналган бўлади. Сизни сидқидилдан севувчи гўзал билан ўн мил юрганга нисбатан мижғов хотин билан ўн квартал масофани босиб ўтиш азоб-уқубатдан иборат бўлар.
Хўш, нима бўпти? Шундай ҳолатда сиз нима қила оласиз? Мана, Оклахома штати Талсе нефть фирмасида хизмат қилувчи бир стенографчи аёл нима қилган? Ҳар ойнинг бир неча куни унга ниҳоятда зерикарли ишни бажаришга тўғри келган, тасаввур этяпсизми, янги топилган нефть жойларини ижарага бериш бўйича шартнома варақларини тўлдириш, унга рақамлар ва статистик маълумотлар қўшиш лозим эди. Иш шу даражада диққинафас эдики, бу аёл ўз-ўзини ҳимоя этиш мақсадида уни қизиқарли тарзда ташкил этишга қарор қилди.
Қандай қилиб жувон ҳар куни ўз-ўзи билан мусобақалаша бошлади. Ҳар куни эрталаб тўлдирилган варақаларни санаб чиқар, сўнг кун бўйи бу рақамларни оширишга ҳаракат қиларди. Иш куни охирида у яна тўлдирилган ҳужжатларнинг умумий сонини тағин санаб чиқар ва эртага янада кўпроқ иш ҳажмини бажаришга интилар эди.
Натижа-чи? Тезда у бўлимдаги бошқа стенографчиларга нисбатан бу диққинафас бланкаларни кўпроқ тўлдирадиган бўлди.
 
Натижада нимага эга бўлди?
 
Мақтовми? Йўқ...
 
Ташаккурми? Йўқ...
 
Мансаби кўтарилдими? Йўқ...
 
Унинг маошини оширдиларми? Йўқ...
 
Аммо у зерикиши туфайли пайдо бўлган чарчоқдан қутилди. Унда руҳий қўзғатувчи омил пайдо бўлди. Зерикарли ишни қизиқарли машғулотга айлантиришга ҳаракат қилиш қувват ва завқ-шавқ бағишлади. У кўпроқ шодлик-қувончга ва ором олиш соатларига эга бўлди. Мазкур воқеа мен учун тасодиф бўлса-да, аммо ҳақиқат: ахир мен бу жувонга уйландим-да!
Ёки бошқа стенографчи аёлларнинг кечмишини кўрайлик. У ўз ишини янада қизиқарли ташкиллаштириш учун ҳаракат қилишни мақсад қилиб қўйган эди. Илгари ишини бажаришига ниҳоятда кўп куч-қувват сарфлаганди. Энди эса аҳвол ўзгарди. Уни Вэлли Ж.Голден деб аташади. Мана унинг менга ёзганлари: «Идорамизда тўртта стенографчи ишлар эди, ҳар биримизга бир неча ходимнинг ҳужжатларини ёзиб бориш топшириларди. Баъзида шундай топшириқлар билан кўмилиб қолар эдикки, бир куни бўлимимиз бошлиқ ўринбосари узундан-узоқ бир хатни қайта ёзиб чиқишни талаб қилиб туриб олганида, мен аччиқландим. Бу хатни қайта ёзиб чиққандан кўра уни шундоққина тузатиш ҳам мумкин, деб ишонтиришга ҳаракат қилдим. У агар мен кўнмасам, рози бўладиган кишини топа олишини айтди! Мен аччиқланганимдан ўзимни йўқотиб қўйдим! Шу билан бирга бу хатни қайтадан ёзиб чиқа бошлаганимда кутилмаганда мен бажараётган ишни қабул қилганларида кўпчилик ўзини бахтли деб ҳис этишини тушуниб қолдим. Бунинг устига менга айнан шу иш учун ҳақ тўлашарди. Кайфиятим яхшилана бошлади. Ниҳоят шундай ишлашга қарор қилдимки, ишим менга ҳузур бағишлайди, ваҳоланки ундан жиркансам ҳам, деган хаёлга бордим. Шунда муҳим нарсани кашф этдим: агар мен ишимни худди ундан ҳузур-ҳаловат олгандек бажарсам, ундан у ёки бу даражада қаноат ҳосил қиламан. Агар ишимдан қониқсам, тезроқ ишлашим мумкинлигини ҳам пайқадим. Шу боис менда ишдан кейин қолиб ишлаш зарурати камдан-кам бўлади. Ишга муносабат ўзгаргани сабабли мен ажойиб ишчи деган мартабага эга бўлдим. Бўлим раҳбарларидан бирига шахсий котиба зарур бўлиб қолганида, у айнан мени танлади, чунки ўзи айтганидек, мен қўшимча ишни рози бўлиб қабул қилардим! Бу психологик йўл-йўриқнинг ўзгариши натижаси, — деб ёзади
 
Голден ходим, — фавқулодда муҳим кашфиёт бўлди. У мўъжизалар яратди!»
Балки ўз-ўзига ҳисоб берган Вэлли Голден хоним маш­ҳур фалсафий тамойил — «худди шундай»дан фойдалангандир?
 
Уильям Жеймс бизга ана шундай ҳа­ракат қилишни тавсия қилди. «Худди шундай, бамисоли» мардмиз, десак, биз ботир бўламиз, худди шундай ўз-ўзимизни бахтли деб ҳис этсак, бахтли кишилардай бў­ламиз ва ҳоказо.
Ўзингизни ишингиз жуда қизиқарли каби тутинг. Дастлаб бу ўйиндай туюлади, кейинчалик эса сизда ишингизга нисбатан ҳақиқий қизиқиш уйғонади. Шу билан бирга сиздаги чарчоқ, руҳий зўриқиш ва безовталикни камайтиради.
Бир неча йил муқаддам Харлан А.Хауард ҳаётини бутунлай ўзгартириб юборувчи бир йўл тутди. У зерикарли юмушни қизиқарли маш­ғулотга айлантирди. Иши ҳақиқатан ҳам тинкани қуритадиган даражада бир хил эди: у идиш-товоқларни ювиши, пештахтани артиши ва мактаб ошхонасида музқаймоқ сотиши керак эди. Бу пайтда бошқа ўғил болалар копток ўйнашар ёки қиз болаларга илтифот кўрсатишарди. Харлан Хауард ўз ишидан нафратланар, лекин бу ишдан кетиш имконияти йўқ эди, шунда у музқаймоққа тегишли барча нарсани ўрганишга киришди — қандай тайёрлашади, нега бир нави бошқасига нисбатан яхши…
 
У музқаймоқ ишлаб чиқаришнинг кимёвий технологиясини ўрганди ва ўрта мактабда кимё курси бўйича энг яхши тингловчи бўлди. Бора-бора озиқ-овқат маҳсулотлари кимёсига шунчалик қизиқиб қолдики, натижада Массачусетс штатидаги коллежга кирди ва озиқ-овқат техникаси соҳасига ихтисослашди.
Нью-Йоркдаги какао биржаси какао ва шоколаддан фойдаланиш бўйича энг яхши талабалар маърузаси учун очиқ танлов эълон қилинганида ҳамда юз доллар мукофот белгиланганида, ким ғолиб бўлди, деб ўйлайсиз?..
 
Ҳа, тўғри топдингиз, у Харлан Хауард эди.
Иш ахтариб, турли қийинчиликларга дуч келган Харлан Массачусетс штатининг Амхерстдаги уйи ертўласида хусусий лаборатория очди. Шундан кейин тез орада янги қонун чиқди. Сутдаги бактериялар сонини аниқлаш зарур эди. Харлан Хауард дар­ҳол Амхерстдаги ўн тўртта сут маҳсулотлари фирмасининг бактерияларини ҳисобга олиш билан шуғуллана бошлади, ҳатто унга иккита лаборант қизни жалб этишга тўғри келди.
Нима деб ўйлайсиз, уни йигирма беш йилдан сўнг нима кутарди?
 
Дарҳақиқат, озиқ-овқат кимёси соҳасидаги замонавий пешқадам арбоблар пенсияга кетар ёки нариги дунёга равона бўлар, уларнинг ўрнини ташаббускор ва куч-ғайратга тўла ёш йигитлар эгалларди. Шак-шубҳасиз, орадан йигирма беш йил ўтиб, Харлан Хауард ишда кўп нарсага улгурар ва ўз соҳасининг энг пеш­қадам етакчисига айланар, шунда бир пайтлар у муз­қаймоқ сотган синфдошлари ғамгин омадсизларга айланиб, ишсизлар сонини тўлдирар, ҳукуматни қарғаб, ҳаётларини ўзгартириш имконияти йўқ­лигини айтиб, оҳ-воҳ тортишар эди. Тўла равишда шуниси аниқки, агар зерикарли ишни қизиқарли машғулотга айлантирмаганида, Харлан А.Хауард ҳам худди шундай имкониятга сира муяссар бўлмасди.
 
Кўп йиллар муқаддам бир йигитни ҳам иш ҳаддан зиёд бездирган эди. У чилангарлик дастгоҳи ёнида туриб, заводда болт ясарди. Ёш йигитни Сэм деб атардилар. Сэм ишдан жон-жон деб кетишни истарди, аммо бошқа жойда ишга жойлай олмайман, деб қўрқди. Шу сабабдан мазкур зерикарли ишни бажаришга мажбур эди. Сэм бу юмушни қизиқарли қилишга қарор қилди. У қўшни дастгоҳда ишлаётган оператор билан мусобақа боғлади.
Улардан бири юқори нотекис қисмини қайта ишлаши, бири эса болтларга тегишли диаметр ўлчови бериши керак эди. Ким кўпроқ болт тайёрлашини кўриш учун вақт-вақти билан дастгоҳни алмаштирардилар. Беш уста Сэмнинг тезкорлиги ва орасталигини юқори баҳолади ва уни кўп ўтмай юқори малакали ишга ўтказишди.
Бу унинг мансаб пиллапоялари томон кўтарилиши эди. Ўттиз йил ўтгач, Сэм, яъни Сэмюэл Воклейн «Болдуин локомотив уоркс» фирмаси президенти бўлди. Агар у зерикарли ишни мароқли машғулотга айлантиришга уринмаганида, бир умр оддий ишчилигича қолиб кетарди.
Х.В.Калтенборн — Америка радиосининг машҳур шарҳ­ловчиси — бир куни меъдага тегадиган ишни мароқли ва қизиқарли қилишга муяссар бўлганини гапириб берди. У йигирма икки ёшдалигида ўзининг кира ҳақини тўлаш учун Атлантика океанини кесиб ўтадиган, қорамол ортилган кемада ишлаган эди. Зиммасига буқаларни боқиш ва уларни суғориш юк­латилган эди. Англия бўйлаб велосипедда саёҳат қилиб, Парижга оч-яланғоч кириб келди. Кейин ўз фотоаппаратини беш долларга гаровга қўйишга тўғри келди.
 
У «Нью-Йорк геральд» газетасининг Париж нашрига иш ахтариб юрганлиги ҳақида эълон берди. Унга иш таклиф қилишди. Агар сиз қирқ ёшда бўлсангиз, балки эски стереоспкопларни эсларсиз, уларни кўзимизга яқин келтириб қарасак, иккита бир хил тасвирни кўрамиз. Биз кўришда давом этамиз ва тўсатдан мўъжиза юз беради. Стереоскопдаги икки линза икки тасвирни биттага жамлаб, учинчи ўлчовдаги эффектни ҳосил қилади. Биз масофани қабул қилдик. Истиқболдаги қизиқарли ҳиссиётга эга бўлдик.
Юқорида айтганимдек, Калтенборн Парижда бу ускуналарни сота бошлади. У бир эшикдан иккинчиси томон тентирар, лекин французча гапиришни билмасди. Шунга қарамай, воситачилик йўли билан биринчи йили беш минг доллар ишлашга муяссар бўлди ва ўша йили Франциядаги энг юқори иш ҳақи тўланадиган савдо агентига айланди. Калтенборннинг менга ҳикоя қилишича, мазкур тажриба унга Гарвардда ўқиган йилидан кўра кўпроқ билим берган.
 
Бу ўз-ўзига ишончми?
 
Ўзининг эътирофича, у, ҳатто француз уй бекаларига «конгресс баённомалари»ни сотишига бемалол қурби етарди.
Мазкур тажриба Калтенборнга французлар ҳаётини билишда шунчалик чуқур тушунча бердики, кейинчалик бу ҳол Европа воқеаларини радиода таҳлил этишда бебаҳо манба бўлди.
Француз тилини билмасдан туриб, у қандай қилиб биринчи даражали савдо агентига айланди?
 
Калтенборн иш берувчидан ўз сотувчиларига мурожаат этадиган матнни француз тилида ёзиб беришни илтимос қилди.
Кейин ушбу матнни ёдлаб олди. Шундай бўлдики, Калтенборн уй қўнғироғини босади, уй бекаси эшикни очади ва у ёдлаган матнини худо урган шундай талаффузда такрорлайдики, кулмасликнинг сира иложи йўқ. Сўнг уй бекасига ўз суратларини кўрсатади. Агар бека савол берса, елкаларини қисар ва «америкаликман», «америкаликман» дер эди. Кейин эса шляпасини ечиб, унда ёпиштирилган француз тилидаги ажабтовур матнни кўрсатарди. Бу ҳақда ҳикоя қилар экан, Х.В.Калтенборн иши енгил эмаслигин эътироф этди. Аммо унга бир хусусият ёрдам берди: қатъийлиги, чўрткесарлиги ишининг қизиқарли бўлишини таъминлади.
У ҳар куни ишга отланишда ойнага қарар экан, ўз-ўзини руҳлантирарди: «Калтенборн, сен агар яхши яшашни истасанг, бу ишни бажаришинг керак.
 
Демакки, буни бажаришинг шарт экан, нега уни ажойиб ва дилтортар қилмайсан?
 
Ҳар сафар эшикни тақиллатганимда, ўзимни актёр мисоли худди омма олдига чиқаётгандай ҳис этаман. Ахир сен бажараётган иш ҳам худди саҳнадаги қандайдир кўриниш каби кулгили-ку! Шундай экан, нега ўз ўйинингга эҳтирос ва завқ-шавқ бахш этмайсан?»
Жаноб Калтенборннинг менга ҳикоя қилишича, ана шундай руҳлантирувчи суҳбатлар дастлаб унда нафрат ва қўрқув уйғотган, кейин ишни саргузаштга айлантиришга ёрдам берган, катта даромад келтирган.
Мен жаноб Калтенборндан ҳаётда муваффақият қозонишга чанқоқ ёш америкаликларга берадиган бирор маслаҳат сўраганимда, у шундай деди: «Ҳар куни эрталаб ўз устингизда ишланг. Биз жисмоний машқлар зарурлигини жуда кўп айтамиз, у аксариятимиз гирифтор бўлган ярим уйқудан уйғотади. Лекин кўп­роқ маънавий ва ақлий машқларга зарурат сезамиз, улар ҳар куни эрталаб бизни фаолиятга чорлайди. Ўзингизни руҳлантирувчи сўзларни айтишдан эринманг».
Наҳотки ўз-ўзи билан руҳлантирувчи кундалик гап-сўз бемаъни, енгилтаклик ва болаларча қилиқ бўлиб кўринса? Йўқ, аксинча, унда соғ­лом руҳий моҳият мавжуд. «Бизнинг ҳаётимиз — бизнинг у ҳақдаги ўйларимиздан иборат». Бу сўзлар ҳозир ҳам, ўн саккиз аср олдингидан ҳам асло кам эмас. Буни Марк Аврелий ўзининг «Мулоҳазалар» китобида ёзган эди: «Бизнинг ҳаётимиз — бизнинг у ҳақдаги ўйларимиздан иборат».
Ўз-ўзингиз билан ҳар соат суҳбатлаша туриб, сиз мард­лик ва бахт, куч-қувват ва хотиржамлик ҳақида ўй суринг. Ўз-ўзингиз билан ўзингизга маълум бўлган нарсалар хусусида гаплашар экансиз, қалбингизни забт этасиз ва қалбингиз куйлаб юборади.
Ўз фикр-ўйларингизни ижобий томонга йўналтиринг, ана шунда ҳар қандай иш сизга ёқимли туюлади. Бошлиғингиз ишга жуда қизиқиш билан муносабатда бўлишингизни хоҳлайди, чунки унинг даромади шунга боғлиқ. Аммо бошлиқ нима хоҳлаётганини унутамиз. Ўз ишингизга қизиқсангиз, шу қизиқишни ҳис этсангиз, фақат нималарга эга бўлишингизни ўйланг. Ёдингизда бўлсин, сизнинг маиший кундалик қувончингиз фаол ҳаётингизнинг ярми иш билан ўтганида, икки баробар ортади.
 
Шу сабабли, агар сизга қувонч келтирмаса, балки уни ҳеч қачон ҳеч қаердан топа олмайсиз. Эсингизда турсин, ишга қизиқишингиз сизни безовталикдан халос этади, пировард натижада, мансабга кўтарилиш ва маошингиз ошиши аниқ бў­либ қолади. Ҳатто, бу рўй бер­маса ҳам ишга бўлган қизиқишингиз чарчоқни энг қуйи даражага туширади ва сизнинг дам олиш соатларидан ҳузур-ҳаловат топишингизга ёрдам беради.

(Давоми бор).
Русчадан Фатхулла
НАМОЗОВ таржимаcи.
Attachments:                          
Category: Maqolalar | Views: 811 | Added by: WebMaster | Tags: maqolalar | Rating: 0.0/0

 
 
Total comments: 0
Only registered users can add comments.
[ Registration | Login ]
Google Ads

Clock

Last issue

Radio Uzbegim

Login Form

Search

Radio Uzbegim Web

Calendar
«  October 2011  »
SuMoTuWeThFrSa
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031

Uzbek Stars

Archive

YouTube News

Friends
  • UzbekTV
  • LiveUzbekTV
  • UzbekTVShows
  • UnitedStudioIlkhom
  • UzbekDvDbazaR
  • UzbekShop
  • UzbekTuron
  • UzbekCinema
  • UzbekShowBusiness
  • UzbekTV-YouTube
  • Официальный блог
  • Uzbek Dictionary
  • FAQ по системе

  • Visitors Globe

    UzbekTVRadio NY
    toolbar powered by Conduit


    Copyright UzTVNY, Inc © 2018 All rights reserved. Reproduction in whole or in part without written permission is prohibited.
    The publisher of this magazine does not assume responsiblity for statements made by advertisers or writers.
    Contact: 49 Bokee CT Apt 1 C, Brooklyn NY-11223 
    Phone:1718-600-6518 info@uzbekny.tv
    "Uzbegim" materiallarni ko‘chirib bosilganda jurnal nomi va web-manzili albatta ko‘rsatilishi shart.

    Make a free website with uCoz