<??>
 
Site menu

Categories
News [158]
Arts [15]
Sport [38]
Mavzu [15]
Din [10]
Tarix [25]
Bolajon [5]
Bu qiziq [13]
Adabiyot [17]
Maqolalar [24]
Muloxoza [19]
Astrology [1]
Ilm va Fan [17]
Choyxona [0]
G'aroyobot [2]
Shifomaniya [6]
Cinema News [21]
Show business [31]
Moda Olami [5]
Advertisement [5]
Interview [20]
Events [18]
Buy Magazine [3]

Rating

Uzbek TV

Adds

Donate

Weather
Все о погоде - Pogoda.uz

Uzbegim & Facebook

Poll
Uzbegim USA kerakmi?
Total of answers: 211

IP Address
IP

Main » 2011 » December » 7 » КАМПИРЛАР СИМ ҚОҚДИ                                                                                                                 Print Friendly and PDF
5:38 PM
КАМПИРЛАР СИМ ҚОҚДИ                                     
КАМПИРЛАР СИМ ҚОҚДИ
 
Нарзулло шаҳардаги тўрт қа­ватли уйнинг биринчи қаватидан уч хонали квартира сотиб олиб, оиласини кўчириб келганидан кейин ҳам анча пайтгача маҳалладошлари тугул, бир подъездда яшайдиган қўни-қўшнилари билан яқиндан танишишга имкон тополмасди.
Ахир, бу уйни олгунча қишлоқда яшашса-да, кунда эр-хотин тонг азонлаб шаҳар бозорига етиб келишиб, икки-уч йилдан бери шуғулланиб келишаётган янги касблари — эскичасига олибсотарлик, янгичасига бизнесменлик ишига бошлари билан шўнғиб кетишган, ўз қишлоқдошларининг ҳам тўйу-азасига азбаройи элдан чиқиб кетмаслик учунгина бирровгина кириб чиқиш билан чекланишиб, ниҳоят шаҳарлик ҳам бў­либ олишди. Уйлари ҳам шундоқ бозорнинг биқинида. Энди ортиқча молларини бозорнинг омборидамас, уйларида сақлашсаям бўлади. Уйнинг аввалги эгаси бўлган раҳматли эр-хотин ўрислар жуда ҳафсалали одамлар экан, зинанинг тагиниям беркитишиб, кичкина омборхонача қилишган, ҳовлидаям одам бўйи қилиб, томча солишган экан. Бу ер Нарзулло бозорга юк ташийдиган араваси-ю, ортиқча юкларини сақлашига жуда мос тушди. Қа­риялар бирин-кетин ўлиб беришгач, унинг Тошкентда яшайдиган ўғли ва келини шошилинч тарз­да мерос қолган квартирани сотишга етиб келишиб, шаҳардан бирорта квартира олсам, дея йиғиниб юрган Нарзуллога дуч келиб қолишди-ю, улар пулли, Нарзулло уч хонаси бор квартирали бўлиб қолди.
Бирор ҳафталардан сўнггина янги уй-жойга ўрганган эр-хотин кечки пайт бозордан қайтишиб, тушумни санашганидан сўнг, мириқиб телевизор кўрамиз деб ўтиришган пайти тепа қаватдаги қўшнининг полида болачаларнинг югур-югуридан чиқадиган товуш қулоқларига тушиб, Нарзулло: «Тепадаги қўшнимизнинг ёш болалари кўп эканми, тоза югур-югур қилишади?!» — деганида, хоти­ни Насиба кифтини қисди: «Бил­мадим, битта нўғай кампир яшашини биламан, унинг неваралари бор-йўқлигини эса билмайман, эртага бир қўшнилардан суриштириб кўрай-чи!» — деб қолди.
Эртаси куни кечки пайт яна тепа қаватда «югур-югур» авжига чиққанида Насиба ташқарига чиқиб, ҳовлидаги акация тагидаги харакда ўтирган қўшни жувонлардан ўзларининг тепасида турадиган кампирнинг оиласини суриштирса, унинг бир ўзи яшашини, ўғли-ю келини ва икки неварасини сиғиштирмай бошқа мавзедаги квартираларига чиқариб юборган бўлиб чиқди.
— Менимча, кампир жунпайпоқ тўқиса керак, — деди Нарзулло шифтдан келаётган «тў­қир-тўқир»лар тарафга термулиб. — Ип клаваси полда юмалаётганида чиқаяпти бу товуш.
— Майли, шундоғам дейлик, лекин, ип-калаваси хонама-хо­на юмалаб юрмаса керак, — де­ди Насиба эрини қўшни хонага имлаб.
Ётоқхона ҳисобланадиган бу хонанинг шифтидан ҳам таниш «тўпир-тўпир» қулоққа чалиниб, кейин тинчиди-да, яна зал ҳи­соб­ланадиган катта хона­нинг шифтидан кела бошлади.
— Ип калаваям шунақа товуш чиқарса, жуда ажойиб экан, — деди Насиба шифтга қулоқ сол­ганча. — Худди темир соққани юмалатиб юришгандек.
— Бир-икки қаттиқ йўталиб қўяй-чи, бўлмаса, — деди Нарзулло ва кўксига ҳаво тўлдирди. — Ўҳ-ху-у! Ўҳ-ҳу-у!
— Ана, жим бўлди! — деди Насиба эрининг топқирлигидан хурсанд бўлиб. — Бўлди, ётайлик энди, эрталаб барвақт туришимиз керак.
Эр-хотин энди ўринга киришганлари устига шафтдан «ип калава»нинг хона бўйлаб юмалаши бошланиб кетди. Нарзулло жилмайиб қўйганча қат­тиқ-қаттиқ йўталишга тушди. Ип калаванинг юмалаши тўхтади. Шу ҳолда бирор соат пастдагилар йўталиб, тепадаги кампир «ип калавасини юмалатиб», қандай уйқуга кетганларини ҳам билмай қолишди.
Тонг пайти хотини Нарзуллони туртганча: «Туринг тезроқ, ухлаб қолибмиз-ку, вақт ҳам алламаҳал бўлиб қолибди, мен бозорга кетдим, сиз тез орқамдан етиб боринг!» — дея уйдан чиқиб кетди.
Нарзулло ўзию хотини учун икки термосга чой дамлаб олиб, ўғлини мактабига жўнатиб юборганча, эшикни қулфлаётган маҳали зинадан мушттаккина кампир тушиб келаётганига кўзи тушди.
— Ҳай, балам, тўхта! — кампир Нарзуллонинг ёрдамида зина майдончасига тушиб олгач, бошларини чайқади. — Ай, балам, ахвалинг яман-ку! Сапсем яман! Мани шалимам худди синга ухшаб жуда хунук йуталарди, икки айда тамам булди! Духтирга учра!
— Э-э, дўхтирга вақт йўқ! — деди Нарзулло кампир қанақа йўтал ҳақида гапираётганлигига тушуниб. — Болалигимдан бери йўталаман.
— Йўқ, син бир каттани гапига кир! — деди кампир бошини тек тута олмаганидан, аса­бий қимирлатган кўйи янги қўшниси ўлиб қолмасидан аввал яхшилаб кўриб олиш учун кўзларини қисганча разм соларкан. — Бунақа бепарво булма! Шалимам қуявер деб юрди-ю, улди-китти! Духтирга вақтинг булмаса, алоэни баргидан тапасин, ярим литр таза спирт аласин, бир литрли банкага саласин чеснокминан! Қаранғи жойда бир ҳафта турсин! Ке­йин ҳар куни бир қашиқдан ир­талаб ичасин! Во булиб кетасин!
— Раҳмат! — деди Нарзулло ва ичида «Маслаҳатинг бо­шинг­дан қолсин», дея бозорига чопқиллади.
Бозордан вақтлироққина қай­­тиб, дўлмами, чучварами пиширайин дея иккиюз грамм­ча қийма сотиб олган Насиба подъездлари олдидаги харакда муштаккина қўшни кампирни ўртага олганча, унинг гапларига қизиқиш билан қулоқ сол­ганча уйларидан олиб чиқишган пастак курсичаларда ўтирган бошқа уч-тўрт кампир ва кампирликка даъвогар жувонларга кўзи тушиб, «элга қўшилиш» ниятида йўлини шу томонга бурди.
— Эри ўпка касал экан, кечаси билан йўталавериб уйқу бермади! — дерди муштдеккина нўғай кампир. — Ўзи ўлганнинг уйини сотиб олиш шунақа бўлади-да! Маша нимадан ўлди-и?! Кўкйўталдан! Микроблари қолган, мана энди буларга юқ­ди! Ҳали бутун домни касал қи­лишади! Мактабда ўқийдиган боласиям наркоман! Кечаси туалетга қамалиб олиб, наша чекади! Уйимда шундоқ нашани ҳиди! Бир устларидан ёзмаймизми?!
— Кимни устидан ёзмоқчисиз?! — муштаккина кампирнинг ташвиқотига анграйиб қол­ган жувонлар тепаларида янграган Насибанинг товушидан бир чўчиб тушишди. — Кимнинг боласи наркоман?!
— Нима-а?! — муштдаккина кампир қулоғига қўлини қў­йиб, Насибага анграйди. — Қаттиқроқ гапир, қулағим яхши эшитмийди!
Насиба энкайганча қўшни кампирнинг қулоғига бақирди:
— Кимни эри туберкулёз! Ким наша чакади?!
— Нима минга боқирасин! — деди кампир дик этиб ўрнидан туриб. — Мана, кўряпсиларми, онаси тинги одамга боқиришини! Мен буни шундоқ қуймийман! Эрини упкаси тамам булган, уғли наркоман, хатини булса менга боқира! Эртагаёқ участковойга барамин, хакимиятдан адам чақирамин! Бу ердан кучириб юбарамин! Туберкулёзникларни ҳақи юқ бу ерда яшашга!
Бир-бирига бақираётган бир ёш ва бири қариб-чуриган жувонларнинг орасига тушган қўш­ни хотинлар Насибани итара-итара квартирасига киритиб юборишди. Жанжал олови шу билан вақтинча ўчирилди.
Насиба кечаси яна тепаларида бошланган «тарақа-туруқ»қа изоҳ берди:
— Кампирча ипкалава юмалатмас экан, у табуреткасини кўтариб полга уриб юраркан! Раҳматли Маша холагаям уйқу бермай, ажалидан беш кун бурун ўлдирган экан...
— Ия, чарчамас эканми?! — деди Нарзулло ҳайрон бўлиб. — Бундан нияти нима экан?!
Насиба оқшом арафасида кампирдан эшитган гапларини, унинг маҳалла посбонига, ҳо­кимиятга бормоқчилиги, уларни бу ердан кўчириб юбормоқчилигини айтиб, ўзини кампирга бақирганлигини яширди. Аммо, шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламаслигини яхши биладиган Нарзулло хотинига танбеҳ берди:
— Сенам жим қараб турмагандирсан-да! Бекорга кампир шунча гапни айтиб ташламайди! Менгаям у-бу деганди, мен «Раҳмат сизга!» деб кетавергандим. Бу ер қишлоқмас, шаҳар, муомилада эҳтиёт бўлиш керак. Биз бу ерда янгимиз. Бундан кейин бошингга чиқиб қарғансаям, индамай йўлингда кетавер!
Худди, шу гапни кутиб тургандек, квартирадаги водопровод қувурларига, чамаси, қо­шиқнинг урилган «жаранг-журунгги» янграй бошлаб, то ярим кечагача тинмади.
* * *
— Ҳай, қўшни, менга қаранг! — Нарзулло орқасидан етиб келган таниш қўшни жувонга ўгирилди. — Мени биласиз, «дом»­мимизнинг вакилиман! Бугун участковойимиз сизларни суриштирди, бир келиб кетишсин деди. Мен гап нимадалигини билганим учун, сизнинг тарафингизни олдим, улар ёмон одамлармас, қишлоқдан кўчиб келишган, бозорда савдо қилишади, деб тинчитдим. Аммо, ўзингизам бир учраб қўйинг.
Нарзулло елка қисганча, бирор соат ўтиб, учрашсам учраша қолай дея маҳалла посбонлиги таянч нуқтасига бориб, бирор соат пойласа-да, тўйгами-ўтиришгами кетгани учун учраша олмай, тун оғаётганида «тапира-тупир»у, «жангира-жунгир»ли уйига қайтиб келди-да, иш билан бўлиб «чақирув»ниям тамом унутганида маҳалла посбонининг ўзи бир куни йўқлаб келиб қолди.
— Уйингизда наша сақлармишсиз, қани бир текшириб чиқайин, — деганча икки-уч ҳамроҳини бошлаб келган маҳалла посбони бурун катаклари титраганча уй ҳавосидан хўп ҳид олишга урунди-ю, кифтини қисганча ҳамма хоналарни тимирскилаб чиқди. — Хафа бўлмайсиз-да, хизматчилик.
— Юзингиз менга жуда таниш кўринаяпти, — деди Нарзулло ёшгина маҳалла посбонига. — Асли қаерликсиз?!
Маҳалла посбонининг жавобидан Нарзулло хурсанд бўлиб кетди.
— Ия, бир жойдан эканмиз-у! Дадангиз билан битта мактабда ўқиганмиз! Улар биздан беш синф юқорида ўқиган, — Нарзулло қалтироқ тутиб қолган хо­тинига буюрди. — Дарров ошга унна! Буларни қўй сўйибам чақиролмайсан, ўз оёқлари билан келишибди! Кампирга раҳмат!
— Тўхтанг, ака, бу гапингиз хато! — деди маҳалла посбони товушини пасайтириб. — Бир жойдан эканлигимизни сир сақланг! Ҳеч ким билмасин! Вақтингизни топиб, кечки пайт идорамизга келсангиз, отамлашишни ўша ерда қиламиз! Энди гап бундай, мен тепадаги кампирни тинчитиб чиқайин, участ­ковой текширгани келмаяпти деб ҳокимиятга сим қоқ­қан экан! Келдим, текширдим, йигирма минг сўм иштароп солдим дейман!
— Вой, ука, нимага иштароп тўларканмиз?! — деди чиқим чиққан жойда ётиб ёқалашадиган Насиба.
— Кеная, бу шунчаки йўлига! Аслида ҳеч қанақа иштароп кўрсатилмаган, — деди маҳалла посбони уй бекасини тинчлантириб. — Текширгани келиб, бирор чора кўрмай кетибди деб ўйламасин! Сизам қўшниларга иштароп тўладик деб қўя қоласиз.
— Вой, унақа бўл­са, кирқ-эллик минг дебам қўяверинг! — деди ўзини босиб олган Насиба.
Янги қўшниларнинг маҳалла посбони томонидан «эллик минг сўм иштароп»га тортилгани тезда бутун «дом»га тар­қалиб, мушттакина нўғай кампирнинг обрўси ошиб кетди.
— Мин била уйнашғанлар шу­нақа буля! — дерди кампир ҳам ўзидек муррик-суррик кампиру ҳали баданидан сули қочмаган бошқа ёшроқ жувонларнинг даврасида эти суягига ёпишган бармоқларини бирма-бир букканча. — Ҳали, куряс, санэпидемстанциядин, маҳаллақумдин, газдин, тубдиспансердин, экологиядин, кожбалнисаю налоговуй, ишқилиб, идара нами бар ҳамма жайдин тикширгани киля!!!
Кампир бекор жовлиб мақтанмаган экан. Уч-тўрт кун ўт­май, газ идорасидан келишиб, Нарзуллоларнинг квартирасидаги газ ускуналари қандай иш­лашини текшириб, бирор ишкал топиша олмай, ўзларича ўн минг сўм «иштароп» солиб кетишди: «Тўламайсизлар, шунчаки, қуруқ келиб кетмагандай бў­лайлик!» Уларнинг орқасидан маҳаллақўм жўнатган тўрт-беш хотиндан иборат «комиссия» ке­либ, роса «ҳид­ла-ҳидла» қи­лишди-да, «сассиқ ҳид чиқаётган» жойни аниқлашди — ваннанинг тагидан ўғилларининг эски пайпоғи чиқиб қолди. Сассиқ ҳид ҳақиқатан ҳам шундан чиқаётганига ишонч ҳосил қилиш учун «комиссия»чи хотинлар навбати билан уни қўлига олиб ҳидлаб, буринларини жийиришди ва кампирни тинчлантириш учун номигагина ўн беш минг сўм «иштароп» сола қолишди. Нарзулло ҳам тили қисиқлик жойи бўлмаса-да, омборхоначасида сақлайдиган юклари-ю аравасини пул кетса-кетсин, қулоғим тинч бўл­син дея, яна бозорнинг ўзи­да сақлайдиган бўлиб қолди.
Номи идора-ки бор жойлар (маданият ва спорт ишлари-ю, турли партияларнинг шўъбаларини ҳисобга олмаганда)дан кетма-кет келган «комиссия»лар эгалари ҳали бозордан қайт­маган «машъум квартира» эшиги олдида бетоқатларча кутиб туришаркан, муштаккина кампирнинг: «Якшилаб тикширинг! Мошина-мошина юк туширишади! Ҳар ҳафта эллик-алтмиш минг иштароп тулашя! Қаердан шунча пулни олиша?! Наркотика сотиша буля! Мин иликтрга алти айдин бери пул тулолмия! Якшилаб тикширинг­ля! Ароқ ичий! Наша чекий! Ўрису, қарис, тотору озбекдан бузуқиларни олиб киля! Тараканлари миникига чиға! Тикширинг! Чара куринг! Булди, шунча чидадим! — дея жаврашларини эшитиб туришаркан, уни уриб ўлдириб қўйишдан ўзларини зўрға тийишарди...
— Илтимос, — деди охири бундай «тикшир-тикширля» жонига теккан маҳаллақўм раиси Нарзуллонинг олдига келиб. — Бирор бошқа жойдан ижарага уй топиб, беш-олти ой ўшақда яшаб турсанглар! Зора, унгача кампирам бир ёқли...
— Ия, ўзимизнинг уйдаям яшолмаймизми?! — деди бундай илтимосдан ҳайрон бўлган Нарзулло.
— Ҳокимбовомиз ҳар мажлисда дакки беравериб, тинкамни қуритиб юборди, — деди маҳаллақўм раиси. — Кампир ҳар куни сим қоқаркан, қўшниларимни қачон кўчириб юборасиз, деб. Мен ваъда бериб қўйдим. Квартирангизга вақтинча бирортани ўтқазиб қў­йинглар, майлими, илтимос!!!
Нарзулло ҳайрон бўлганча қолаверди: «Кампирнинг томи кетганми десам буларам...» деганча қўл силтаб қўйди-ю, эртаси куни маҳаллақўм раиси беш-олти ҳамроҳлари билан келаётганига кўзи тушиб, юраги товонига тушиб кетганча, югуриб квартирасига кириб кетди. Бирор ўн дақиқалардан кейин ҳам эшигини ҳеч ким тақиллатмаётганидан ҳайрон бў­либ, балкон деразасининг пардасини сал суриб, ташқарига қараган Нарзулло кеч тушаётганида пайдо бўлган «комиссия» қарама-қарши «дом»нинг олдида бетоқатларча туришганига кўзи тушиб, енгил тортди...
Эртаси куни янги «миш-миш» тарқалди: қўшни «дом»даги кампирлар сим қоққан экан, «туғилган куни»да магнитофонни баланд қўйгани учун пастки қаватда турадиган қўш­нилар эллик минг сўм жарима тўлашганмиш!

ОЛЛОЁР БЕГАЛИЕВ
 
Attachments:                          
Category: Adabiyot | Views: 895 | Added by: WebMaster | Tags: adabiyot | Rating: 0.0/0

 
 
Total comments: 0
Only registered users can add comments.
[ Registration | Login ]
Google Ads

Clock

Last issue

Radio Uzbegim

Login Form

Search

Radio Uzbegim Web

Calendar
«  December 2011  »
SuMoTuWeThFrSa
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031

Uzbek Stars

Archive

YouTube News

Friends
  • UzbekTV
  • LiveUzbekTV
  • UzbekTVShows
  • UnitedStudioIlkhom
  • UzbekDvDbazaR
  • UzbekShop
  • UzbekTuron
  • UzbekCinema
  • UzbekShowBusiness
  • UzbekTV-YouTube
  • Официальный блог
  • Uzbek Dictionary
  • FAQ по системе

  • Visitors Globe

    UzbekTVRadio NY
    toolbar powered by Conduit


    Copyright UzTVNY, Inc © 2018 All rights reserved. Reproduction in whole or in part without written permission is prohibited.
    The publisher of this magazine does not assume responsiblity for statements made by advertisers or writers.
    Contact: 49 Bokee CT Apt 1 C, Brooklyn NY-11223 
    Phone:1718-600-6518 info@uzbekny.tv
    "Uzbegim" materiallarni ko‘chirib bosilganda jurnal nomi va web-manzili albatta ko‘rsatilishi shart.

    Make a free website with uCoz